Бугун Ўзбекистонда олиб борилаётган жамики ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад — мамлакатимизда яшаётган ҳар бир инсоннинг бахтли яшашини таъминлашдан иборатдир.
Оилаларнинг, айниқса, ёш оилалар бахтли яшаши учун қулай шарт-шароит яратиш, хусусан, уларни уй-жой билан таъминлаш, турли ижтимоий ёрдам ва имтиёзлар бериш орқали қўллаб-қувватлаш мақсадида амалга оширилаётган ишлар ўта муҳим бўлиб, келгусида ўз ижобий натижасини бериши шубҳасиз.
Аммо таъкидлаш керакки, инсоннинг бахтли яшаши фақат моддий таъминот билангина ўлчанмайди. Ҳаётий мисоллар, таҳлилларга суяниб айтадиган бўлсак, бахтли яшашнинг яна бир энг муҳим омили — маънавият, ахлоқ масаласидир.
Зеро, адиб Тоҳир Малик қайд этганидек, «… бахт тушунчасининг моддий томонидан кўра маънавий томони ортиқроқ»дир.
Дарҳақиқат, оиласидан ажрашиб, фарзандлари меҳр-муҳаббатидан жудо бўлган бой одамни бахтли деб бўлмаганидек, камхаржроқ бўлса-да оиласи, фарзандлари қобил, ўзаро меҳр-муҳаббатли оила аъзоларини бахтсиз, дея олмаймиз.
Айни пайтда турмушда дуппа-дуруст ака-ука, ота-бола ёки эр-хотин ўртасида турли низоларнинг вужудга келаётганини кўриб, ҳайрон қоласан киши. Ҳатто, ўзаро низолашув натижасида бири иккинчисининг жонига қасд қилиш, бир сиқим пул эвазига ўз фарзандидан воз кечиб, гўдагини тирик етим қилиш ҳоллари ҳам одатга айланиб бормоқда. Буларнинг асл сабаби нимада, нега бағрикенгликда оламга ибрат бўлган халқимиз орасида бундайлар сони кундан-кунга кўпайиб бормоқда?!
Мулк илинжида “бой ўғил”нинг ўз отасини руҳий касаллар шифохонасига жойлаштирганини, шифохонадан чиққач, бир хонали уйда бошқа фарзанди (қизи)га кўрсатмасдан сақлаганига ёки бошқа бир “бой ўғил”нинг бир нечта уйи бўла туриб, ўз онасини уйдан ҳайдаб юборганини қандай тушуниш лозим? Булар ақл бовар қилмайдиган ишлар, тўғрими? Аммо, минг афсуски, бу каби жирканч ҳодисаларга кам бўлса-да дуч келяпмиз.
Ёки ҳавас қилса, арзигудек турмуш ўртоғи, фарзандлари бўла туриб, уларни тарбиялаш, йўлга солиш, уйлантириш-узатиш каби фараҳли ташвишлар
билан яшаш ўрнига, оиласини сабабсиз ташлаб, ўзи бошқасига уйланиб кетган отага, оиласига хиёнат қилиб, фарзандларини хору зорликка ташлаб, бошқа эрнинг этагини тутиб кетаётган, “она” деган мўътабар номга номуносиб аёлни ким деб аташ мумкин?!
Нега оила аъзоси бўлган эр-хотин ёки фарзандлар ўз жонига қасд қилиш орқали ҳаётига якун ясамоқда? Оилавий низоларнинг бу каби оқибатларига нималар сабаб бўлмоқда?
Ушбу саволларнинг биронтасига сабаб моддий томонда деб жавоб бера олмаймиз ва шунингдек, муаммони моддий жиҳатдан, яъни пул ва бойлик билан ҳал этиб ҳам бўлмаслиги барчага аён. Ахир Иккинчи жаҳон уруши йилларида, аҳоли оч-наҳор қолганида ҳам бу каби қабиҳликларга борилмаган эди-ку! Буларнинг бари омма орасида кенг тарқалиб бораётган маънавий инқирознинг оқибатларидир.
Такрор бўлса-да, таъкидлаш лозим. Муаммо бой ўғилнинг маънавий қашшоқлиги, яъни унинг ўз вақтида олмаган меҳри ва тарбиясидаги бўшлиқда, ажрашаётган ота-онанинг масъулиятсизлигида, бир сўз билан айтганда, бош масала шахс маънавияти ва ахлоқи билан боғлиқ эканлигидадир.
Ҳеч кимга сир эмас, жамиятда маълум бир масалада ўзгаришга эришишда жамоатчиликнинг фикри, муносабати ва саъй-ҳаракати жуда муҳим омил ҳисобланади.
Оилаларда маънавий муҳитни яхшилаш, ота-оналар масъулияти ва оиладаги муносабатлар масаласига, айниқса, муаммоли, нотинч оилалар билан ишлашга хотин-қизлар