Sariosiyo tumani hokimligi-Улуғбек Қосимов Термиздан Сариосиёгача бўлган темир йўл ёқасидаги ободонлаштириш ишлари билан танишди
...
29.01.2023
147 marta o'qildi

Улуғбек Қосимов Термиздан Сариосиёгача бўлган темир йўл ёқасидаги ободонлаштириш ишлари билан танишди

Ободлик, озодалик бор жойда қут-барака, сиҳат-саломатлик бўлади. Одамларнинг турмуш даражаси янада ошади. Шу боис ҳам ободлик, саранжом-саришталик ҳар кунлик ҳаётий эҳтиёжимизга айланмоқда. Ҳозирда Сурхондарё вилоятдаги 723 та маҳаллада 511 мингга яқин хонадон мавжуд.

Ободонлаштириш ва тозалик ишлари асло мавсум танламасада вилоятимизда аномал совуқ чекиниб, ҳаво ҳароратининг кун сайин илиқлашиши хонадон, кўча ва маҳаллаларимизни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш учун қулай об-ҳаво юзага келмоқда.

Бугун Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов эрта тонгдан поездда Термиздан Сариосиё станциясигача бўлган темир йўл атрофида жойлашган маҳаллалардаги аҳоли яшаш жойлари, корхоналар ва экин майдонлари ҳолати билан танишди.

Вилоят ҳокимига сектор раҳбарлари, тармоқлар бўйича ўринбосарлари, шаҳар ва туманлар ҳокимлари, секторлар ва мутасадди идоралар вакиллари ҳамроҳлик қилди. Вилоятда 94 та маҳалла темир йўл йўналиши атрофида жойлашган. Ўрганиш жараёнида Термиз шаҳри, Термиз, Жарқўрғон, Қумқўрғон, Шўрчи, Денов, Сариосиё, Узун туманлари ҳудудидан ўтувчи темир йўл ёқасидаги маҳаллалар қиёфасига, кўчалар, корхона ва ташкилотлар бинолари ҳолатига эътибор қаратилди.

Айрим маҳаллалардаги аянчли манзаралар, тўпланиб қолган чиқиндилар олиб чиқилмаганлиги, кўча бўйларига экилган дов-дарахтларга шакл бериш ва оқлаш ишлари бажарилмаганлиги, ариқ ва зовурларнинг тозаланмаганлиги, ёввойи ўт-ўланлар билан қопланганлиги маҳалла ва кўчалар кўркамлигини бузаётганлиги танқид қилинди.

Ҳудди шундай, аҳоли хонадонлари, томорқалари ҳолати ҳам вилоят ҳокими эътиборидан четда қолмади. Айрим уйларнинг том ва фасад қисмлари таъмирланмаганлиги, деворлари оқланмаганлиги, баъзи ёрдамчи бинолар бетартиб қурилганлиги, томорқасидан самарасиз фойдаланаётганлиги кўрсатиб ўтилди.

Улуғбек Қосимов мутасаддиларга уйма-уй юриб, хонадонлар, кўчалар, маҳаллаларнинг озодалигига эришиш, одамларга уй-жойига эътиборли бўлиш, томорқасидан самарали фойдаланишни тарғиб қилиш, ҳар бир ташкилот ва муассасанинг ўз ҳудудини тоза сақлашда мансабдор шахсларнинг масъулиятини ошириш топшириғини берди.

Ўрганиш чоғида йўл ёқасидаги қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланиш ҳолатига ҳам эътибор қаратилди. Ерлардан мақсадли ва самарали фойдаланиш, унинг экологик ҳолатини яхшилаш, экинларни жойлаштиришдаги мавжуд муаммолар йўл-йўлакай кўрсатиб ўтилиб, уларни бартараф этиш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.

Вилоят раҳбари берилган топшириқлар устидан жамоатчилик назорати ўрнатилишини, ушбу йўналиш бўйича юриб, бугун кўрсатилган камчиликларнинг бартараф этилганлиги ўрганилишини маълум қилди.



0 izox
Izox qoldirish
Saytimizning yangi talqini sizga yoqdimi?