Вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов Сариосиё туманига ташрифи доирасида қишлоқ хўжалиги соҳаси масъуллари билан учрашиб, туманда олиб борилаётган ишлар, 2023 йил ҳосили учун ғалла парваришида йўл қўйилган хато ва камчиликларни муҳокама қилди.
Сариосиё туманида 2023 йил ғалла ҳосили учун 2,5 минг гектар майдонга уруғ қадалган бўлиб, шундан 158 гектари униб чиқмаган, 131 гектар майдонда уруғ сифатсиз, кесакли ва ажриқли майдонларга экилган, агротехник тадбирларнинг ўз вақтида амалга оширилмаганлиги натижасида 196 гектар майдондаги майса ривождан ортда қолган. Энг ачинарлиси туманда чигит қадаш режалаштирилган 1,9 минг гектар майдоннинг 500 гектари ўзбошимчалик билан талон-тарож қилинган.
Вилоят раҳбари майдонларни тўлиқ хатловдан ўтказиш, талон-тарож қилинган ерларни қайтариш, ғалла парвариши бўйича ишларни тизимли олиб бориш бўйича масъулларга тегишли кўрсатмаларни берди.
Шундан сўнг, вилоят раҳбари қишлоқ хўжалигидаги ишлар муҳокамасини Денов туманида давом эттирди. Денов туманида ҳам бу борада масъуллар томонидан бир қатор хато ва камчиликларга йўл қўйилган бўлиб, ғаллани ўғитлаш, суғориш ишлари ўз вақтида олиб борилмаган.
Вилоят ҳокими икки туманда ҳам соҳада олиб борилаётган ишлар қониқарсиз эканлигини, агротехник тадбирлар ўз муддатида ва сифатли бажарилмаганлигини танқид қилди. Вилоят штабига Сариосиё ва Денов туманларида олиб борилаётган ишларни мувофиқлаштириб, назоратга олиш, қилинган ишлар Ишчи гуруҳ томонидан ўрганиб чиқилишини таъминлаш топшириғи берилди.