Пандемия шароитига қарамасдан, мамлакатимизда меҳнат жамоаларида, маҳалла ва таълим масканларида, хонадонларда Конституция байрами, эҳтиёт чораларига амал қилган ҳолда, кўтаринки руҳда нишонланмоқда.
Биз яқинлашиб келаётган янги – 2023 йил учун улкан дастур ва режаларни тузмоқдамиз. Конституциямизда белгилаб олаётган эзгу мақсадларни рўёбга чиқариш, юртимиздаги тинчлик ва барқарорликни, миллатлар ва динлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлаш, аҳоли фаровонлигини ошириш, янги уй-жойлар барпо этиш, иш ўринларини кўпайтириш бўйича катта-катта вазифалар бу дастурларда ўзининг аниқ ифодасини топмоқда.
Ишончим комилки, барчамиз бир тану бир жон бўлиб, фидокорона меҳнат қилиб, ўз олдимизга қўйган юксак марраларга албатта эришамиз.
Азиз ва муҳтарам ватандошлар!
Сизларни, бутун халқимизни Конституциямизнинг қутлуғ байрами билан яна бир бор самимий табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт, хонадонларингизга файз-у барака тилайман.
Халқимиз тинч, юртимиз омон бўлсин!
Барчамизни Яратганнинг ўзи паноҳида асрасин!