Вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов Сариосиё туманига ташриф доирасида ишлаб чиқариш ва саноат корхоналари фаолияти билан танишди.
“Шўртаннефтгаз-текстиль” МЧЖ томонидан 2016 йилда пайпоқ ва трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонаси фаолияти йўлга қўйилади. Аммо кўп ўтмай корхона ўз биносига эга эмаслиги, маҳсулот таннархи қимматлиги сабабли ўз фаолиятини тўхтатади. Фаолият юритаётган бино эса давлат мулки бўлганлиги сабабли аукцион савдоларига чиқарилади. Дастлаб юқори нархда баҳоланган мазкур бино уч марта аукционга қўйилади. Кейинчалик яратилган енгилликлар сабаб тадбиркор томонидан ушбу бино арзон нархда сотиб олиниб, пайпоқ ва трикотаж ишлаб чиқариш фаолияти қайта йўлга қўйилади.
Умумий қиймати 33 млрд сўм бўлган мазкур корхона томонидан ҳозирги кунда 110 та доимий иш ўринлари яратилган. Замонавий ишлаб чиқариш ускуналари Италия давлатидан келтирилган бўлиб, корхона фаолиятининг ривожланиш дастури амалга оширилса маҳсулотларни Европа давлатларигача экспорт қилиш режалаштрилган.
Ҳозирда фаолиятини ривожлантирин учун етарли маблағга эга бўлмаганлиги сабабли вилоят ҳокими билан мулоқотда тадбиркор ўзининг лойиҳасини ривожлантириш дастурини тақдим этди ва айланма маблағ билан таъминлашда амалий ёрдам сўради. Вилоят раҳбари мазкур масала юзасидан шу ернинг ўзида тижорат банкини тадбиркорга бириктириб, муаммосини ҳал этиш топшириғини берди.
Шундан сўнг “Smart communication” МЧЖ томонидан амалга оширилаётган ҳаво тортиш қурилмалари ишлаб чиқариш лойиҳаси билан танишилди. Лойиҳа қиймати 10 млн доллар бўлган ушбу корхона тўлиқ қувватда ишга тушгач 200 та доимий иш ўринлари яратилади ва йилига 3 минг дона ҳаво тортиш қурилмалари ишлаб чиқарилади.
Кейинги манзил “Анорзор” маҳалласида жойлашган кичик саноат зонаси бўлди. Асосан қурилиш материаллари ишлаб чиқариш лойиҳалари жойлаштирилган ушбу саноат зонаси ҳудуди 8 та лотга ажратилган. Ҳозирги кунда 7 та лотда тадбиркорлар томонидан лойиҳалар амалга оширилмоқда. Вилоят раҳбари бўш турган лотга бир ҳафта муддатда тадбиркор топиш, 8 та лотдаги барча лойиҳаларни 2023 йил апрел ойигача ишга тушириш бўйича масъулларга топшириқларни белгилаб берди.