Жорий йилнинг 10 октябрь куни Сурхондарё вилоятининг Олтинсой туманидаги “Хўжаипок” санаторийси ҳудудида вилоятда биринчи бор “Узум сайли” фестивали ўтказилади.
Фестивални ўтказишдан мақсад воҳамизнинг туризм имкониятларини хорижий ва маҳаллий туристларга намойиш этиш, узумчилик йўналишида экспортни янада ривожлантириш ҳамда боғбонлар ўртасида сўнгги ютуқ ва тажрибаларни алмашишдан иборат.
Фестивалда вилоятимиз туманларидаги узумчиликка ихтисослаштирилган фермер хўжаликлари ва миришкор деҳқонлар иштирок этиб, узумдан тайёрланган вино маҳсулотлари, узум шинниси ва мурабболар, полиз маҳсулотлари ҳамда мевалар кўргазмаси ва савдоси ташкил этилади.
Фестивал доирасида инновацион ва замонавий усулда ташкил этилган узумзорлар ҳамда меҳмон уйларига пресс тур, шунингдек, “Ўзбекистонда узумчилик истиқболлари” мавзусида узум етиштириш ва виночилик бўйича мутахассислар иштирокида семинар бўлиб ўтади.
“Энг ширин узум-2022”, “Энг мазали узум шарбати-2022”, “Энг катта бош узум-2022”, “Энг ширин майиз-2022” номинациялари бўйича танловлар ташкил этилиб, ғолиблар диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади.
Фестиваль санъаткорларнинг қизиқарли концерт дастури билан якунланади.
Олтинсойга келинг, узумнинг энг сара навлари билан танишинг, унинг ажиб таъмидан баҳра олинг!
Сурхондарё вилояти ҳокимлиги Матбуот хизмати